Наманган вилояти ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули Чортоқ туманида ўтказилди Мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлардан кузатилган пировард мақсад – инсон қадри тамойилининг устуворлигига эришидан иборат. Бу жараёнда халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан шаффоф ишлаш, муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал этиш муҳим ўринга эга.


Аслида сайёр қабул атамаси ҳам, жараённинг ўзи ҳам кундалик ҳаётимизга сингиб улгурди. Қабул бошланмасидан аввал Чортоқ ва қўшни Янгиқўрғон, Уйчи, Косонсой туманлари, Наманган шаҳридан келган фуқароларнинг айримлари билан суҳбатлашдик. Чортоқлик Рислиғой Қодированинг айтишича, у бу сафар миннатдорчилик изҳор этгани келибди.
Дастлаб вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қабул жараёнида вилоят ва шаҳар-туман ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этаётганини таъкидлаб, кўпроқ кишини тинглаш ва натижага эришиш мақсадида Чортоқ тумани мурожаатчиларини туман ҳокими Анваржон Отаходжаев томонидан қабул қилинишини таклиф этди. Ушбу таклифга биноан чортоқлик мурожаатчиларни қўшни хонада туман ҳокими қабул қилиб, мурожаатларини ўрганди. Чортоқнинг “Юксалиш” маҳалласи фуқароси Манзалат Мирзааҳмедованинг турмуш ўртоғи Муҳаммадиброҳим Мирзааҳмедовни умра зиёратига бориш масаласидаги мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди. Гулчеҳра Насриддинова фарзанди Мустафони отасиз вояга етказмоқда. Ўғлининг хатна тўйини ўтказишда ёрдам сўраган Гулчеҳрага вилоят ҳокими томонидан ҳомий бириктирилди ва Рамазон ҳайити кунларида тўй нишонланадиган бўлди.
Наманган шаҳрининг “Мажнунтол” маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони, Наманган муҳандислик технология институти 3-босқич талабаси Зайниддин Зиёвиддинов вилоят ҳокимига ўзини ўзи банд қилишда кўмак сўраб мурожаат қилди. Вилоят ҳокими топшириғига биноан вилоят бандлик бош бошқармаси Зайниддинни ишга жойлади.
Чортоқ туманининг “Сарой” маҳалласида жойлашган қишлоқ врачлик пункти фаолиятини тўхтатганидан сўнг бино қаровсиз ҳолга тушиб қолганди. Бир гуруҳ маҳалладош нуронийлар мазкур бинони таъмирлаш ва маҳалла аҳолисини тиббий хизматга талабини шу ерда қондириш учун шароит яратиб беришни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат этдилар. Вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг ўрганишларидан сўнг ушбу мурожаат ўз ечимини топди. Мурожаатлар таҳлили бугун одамларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқараши ўзгариб бораётганини кўрсатмоқда. Аксарият мурожаатларда ҳудудлар инфратузилмаси, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар тилга олинаётгани ана шундай хулоса учун асос. Хуллас, бу сафарги сайёр қабулни ҳам юртимизда амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойилининг, халқимизни давлатдан рози ҳолда яшашини таъмин этиш йўлидаги амалий ҳаракатларнинг яққол намойиши, дейиш мумкин.





