Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Ҳурматли опа-сингиллар!

Бугун юртимиз бўйлаб Сиз азиз аёлларнинг гўзал ва бетакрор айёмингиз – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда.

Мана шундай қутлуғ айём кунларида барчангизга юксак ҳурмат- эҳтиромимни изҳор қилган ҳолда бутун туманимиз аёлларини ушуб гўзал байрам билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Дарҳақиқат, аёл борки – олам мунаввар, у билан оилаларимиз, бутун жамият гўзал, олам чароғон. Аёл зоти ҳақида сўз кетганда, энг аввало, барчамизнинг кўз ўнгимизда меҳрибон оналаримиз сиймоси гавдаланади. Чунки она шундай улуғ ва мўътабар зотки, унинг таърифи, қадр-қиммати, меҳр муҳаббатини дунёдаги ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йил кўклам мамлакатимизга ўзгача шукуҳ билан кириб келди. Баҳорнинг илк кунларида муҳтарам Президентимиз томонларидан хотин-қизларни қўллаб қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди, шу мавзуга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тизимда институционал ўзгаришларга кенг йўл очиб берилди.

Юртбошимиз ташаббуслари билан аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизими йўлга қўйилди. Янги ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинди.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб бериладиган бўлди. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Яратилаётган бундай имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар хотин-қизларни янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда. Бугун туманимизда барча соҳаларда илғор аёллар истаганча топилади.

Жумладан, "Йилнинг энг ватанпарвар аёли"  номинацияси ғолибаси Дилрабо Маҳкамова ички ишлар тизимида, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Анорхон ая Имомалиева пиллачилик соҳасида,  “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибалари – Ашурахон Хўжаева диний-маърифий соҳада, Гулмира Қўшманова таълим соҳасида ўз касбларига садоқат билан самарали фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, Хулкарой Сулаймонова, Меҳриноз Аббосова, Дилшода Абдулҳамидовалар ҳам эътирофга лойиқ.

Эътиборлиси, байрам арафасида туманимиздаги Бешкапа маҳалласида яшовчи, ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваториясининг 4-босқич талабаси Гулчеҳрахон Жўраеванинг Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлгани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Умуман олганда, юқорида номлари қайд этилганлар каби яна кўплаб опа-сингилларимиз туманимиздаги барча  хотин-қизларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Азиз аёллар! Муҳтарама опа-сингиллар!

Албатта, биз аёлларимизни фақат байрам кунлари эмас, доимо қадрлаймиз ва улуғлаймиз, иззат-ҳурматларини жойига қўйишга тайёрмиз.

Яна бир бор Сизларни нафосат айёми билан чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, хонадонларингизга файзу-барака тилайман. Байрамингиз муборак бўлсин!