Чортоқ тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган бугунги қабулда ҳаёт ва фаолият учун зарур бўлган турли масалалардаги мурожаатлар туман ҳокими Анваржон Отаходжаев томонидан тингланиб, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида бирма-бир кўриб чиқилди.

Байналмилал” маҳалласида яшовчи  Ҳакимжон Суранов эчкичилик, “Дамариқ” маҳалласидан келган Мирзадвалат Ҳошимов помидор кўчатларини етиштишни йўлга қўйиш учун кредит  ажратилишида ёрдам сўради. Ҳар икки масала ижобий ҳал этиладиган бўлди.

“Қорабоғлик Гулчеҳра Тўлқинова “Аёллар дафтари”да туради. Ёлғиз она, икки нафар ногиронлиги бўлган вояга етмаган фарзанди бор. Унинг уй-жой масаласидаги мурожаати кўриб чиқилиб, амалий ёрдам берилиши тушунтирилди.  Ҳозирда нафақада бўлган, “Аёллар дафтари”да турувчи Мўътабар Мўминова “Байналмилал” маҳалласидаги кўп қаватли уйда истиқомат қилади. У ўз мурожаатида сервис хизмат кўрсатиш компаниясига 798 726 сўм миқдоридаги уй-жой сақлаш бадал пулини тўлашга моддий жиҳатдан қийналаётганини баён қилди. Унинг бу қарздорлиги масаласи ҳам ижобий ечим топадиган бўлди.

Албатта, ечими йўқ масала бўлмайди. Фақат баъзилари муддат талаб этади, айримлари босқичма-босқич амалга оширилади. Қабулга келганларга тўғри ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳам муаммолари ҳал бўлишининг йўллари кўрсатиб берилди. Туманда уй-жойлар қурилиши давом этяпти, маҳаллаларда эҳтиёжманд оилаларга ҳашар усулида кўмаклашиш анъаналари сақланиб қолган, ишга жойлашиш истагида бўлганларга кўплаб бўш ўринлар мавжуд. Саломатлигида муаммоси борларга тиббиёт бирлашмаси орқали албатта эътибор қаратилади.