Президентнинг ёшлар бўйича маҳалладаги вакилларининг фаолиятига ҳар томонлама услубий кўмак бериш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ташаббуси билан “Келажак лидерлари” клуби аъзоларини Президентнинг ёшлар бўйича маҳалладаги вакилларига бириктирилди.

Бунинг амалий натижаси сифатида бугун, навбатдаги ўқув семинар Чортоқ туманидаги маҳаллаларда фаолият олиб борувчи ёшлар бўйича вакиллар учун ташкил этилди.

Семинарни туман ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимова кириш сўзи билан очди.

Семинар давомида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали масъуллари ҳамда “Келажак лидерлари” клуби аъзолари томонидан “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, ҳар бир давлат хизматчиси учун ишдан ажралмаган ҳолда ортиқча маблағ сарфламасдан малакасини оширишга бўлган эҳтиёжларини муносиб қаноатлантириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган ilm.argos.uz онлайн малака ошириш платформасидан фойдаланиш тартиби бўйича тавсиялар берилди.

– Ўқув давомида асосий вазифаларимдан бири бўлган “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш бўйича муҳим тавсияларни олдим. Албатта бугунги маълумотлар бизга самарали иш ташкил этишимиз учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади,-деди Президентнинг ёшлар бўйича Чортоқ туманининг Янгобод маҳалласидаги вакили Бахромжон Жалилов.

– Бугун юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ёшларга етказиш ва жойларда самарали иш ташкил этиш учун ҳар биримиздан юқори билим ва тажриба талаб этилади. Бу эса ўзимизнинг шахсий ривожланишимизга алоҳида эътибор қаратишимизни тақазо этади. ilm.argos.uz платформасидан фойдаланиб боришимиз айни муддао бўлди. Чунки биз эндиликда зарур компетенцияларни шу платформадан олишимиз мумкин деди,-Президентнинг ёшлар бўйича Чортоқ туманининг Мустақиллик маҳалласидаги вакили Мадина Ибрагимова.

Семинар ўзаро савол-жавоб ва мавзулар юзасидан фикр мулоҳазалар алмашиниш билан очиқ мулоқот тарзида ўтди.