Чортоқ туманининг аксарият қисми адирликлардан иборат бўлгани учун ердан фойдаланишнинг ўзи бўлмайди.

Тажрибали деҳқон Ҳамидулло Солиев “Ойқирон миришкорлари” ММТП ҳудудида “Акбархўжа Сожира” фермер хўжалигини ташкил этиб, адир ерларини ўзлаштирган. Махсус ховуз қазилиб, замонавий технология асосида томчилатиб суғориш йўлга қўйилган.

Бу ерда тут ва бошқа мевали дарахт кўчатлари парваришланмоқда. Ҳозирда Муроджон Ибрагимов бошчилигидаги доривор ўсимликлар кластери томонидан наъматак кўчатлари экилмоқда. Қўшимча ерлар ўзлаштирилмоқда.

Бугун туман ҳокими Анваржон Отаходжаев кўчат экиш ишлари билан танишди. Мутахассислар билан суҳбатлашди. Наъматакни хонадонларга экиш ҳам яхши самара беришини таъкидлади.

Бу доривор ўсимлик сувсизликка чидамли, камжарж ва сердаромад. Кўп йиллик бу ўсимлик 2-3 йилда ҳосилга киради. Ўғитлашни ва касалликларга қарши дорилашни талаб этмайди. Гуллаш даврида бутаб қўйилса кифоя.