Кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.

Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Чортоқ маданият марказида Наманган вилояти агрохизматлар маркази ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган ўқув семинари ҳам айнан шу қарор ижроси доирасида ташкил этилди.
Тадбир аввалида Наманган вилояти агрохизматлар маркази раҳбари Абдуфаттоҳ Зуннуров иштирокчиларга семинар мазмун-моҳияти ва кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифалар хусусида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг “Темир дафтар”, аёллар ва ёшлар дафтарига киритилган ҳамда барча йўналишдаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари “Техник экинлар, мевачилик, интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва картошка ҳамда сабзавот етиштириш” мавзуларида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа вакилларидан батафсил жавоб олдилар.





