Қарийб 30 йилдан буён таълим соҳасида фаолият юритаман. Кечагидай эсимда, ўқитувчидан қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахта терими, ободонлаштириш, коммунал тўловлар, қайсидир мақсадларга маблағ йиғиш ишлари каби мажбурий меҳнатга жалб қилиниши “ватанпарварлик” деб талаб қилинди. Таълим сифати ҳам шунга яраша бўлди. Битирувчиларининг келажаги, мактабдан кейинги таълимнинг аҳволи ҳам ҳаминқадар эди.

Сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси, ва бевосита раҳбарлигида умумтаълим мактабларида 10- ва 11-синфлар қайта тикланди. Мактаб битирувчиларини олийгоҳларга кириши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топишига замин яратилди.
2020 йил 30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йиғилиш Янги Ўзбекистоннинг янги таълимига, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтаришга, ўқув дастурлари ва методикасини янгилашга, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантиришга, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилашга пойдевор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6108-сонли фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қилиниши таълим-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари, педагог ва мураббийлари, профессор-ўқитувчилари ва илм-фан соҳалари вакилларининг жамиятимиздаги ўрни ва мақомини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва моддий рағбатлантириш, педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантиришга ҳуқуқий асос бўлди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш зарурлиги. Бу 6 миллиондан зиёд ўқувчилар, 500 мингдан ортиқ муаллимлар, умуман, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажагига дахлдорлиги таъкидланди.
Йиғилишда, аввало, соҳадаги муаммо ва долзарб масалалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, мактабларни мукаммал таъмирга муҳтожлиги, қўшимча ўқув бинолари зарурлиги, айрим мактабларда спорт заллари йўқлиги айтиб ўтилди.
“Шу пайтгача фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаяпти. Кўп педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмас. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади”-деди Президент.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчи-муаллимлар давлат, халқ ва келажак олдидаги масъулиятларини ҳис қилишлари мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айлантиришимиз лозим, бунинг учун сидқидилдан ишлаб, натижа кўрсатишимиз керак.
Алишер Бўранов, Чортоқ туманидаги 6-мактаб директори





