“Маҳаллабай” тизими бўйича янгича иш ташкил этиш юзасидан

Ҳурматли юртдошлар! Азиз чортоқликлар, маслаҳатгўй ва дуогўй отахону онахонлар, мунис ва лобар опа-сингилларимиз, қалдби қайноқ шижоатли ёшларимиз!

Муҳтарам Президентимиз томонларидан 2022 йил 15 январда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Маҳаллабай” ишлаш ва камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича йил давомида амалга ошириладиган устувор  вазифалар белгилаб берилди.

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да жорий этилган мазкур янги тизим доирасида маҳаллаларда ишсиз аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни  қўшимча даромад топишга ундаш, аёллар ва ёшларга, ҳеч бўлмаганда уйда туриб, бирон бир юмуш билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, ташаббускор тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун катта имкониятлар яратилди.

Туманимиздаги 57 та маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолият бошлади. Уларга амалий кўмак бериш учун вазирликлардан 2 нафар раҳбар ходимлар туманимизга бириктирилди. Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, давлатимиз раҳбари томонидан барча масалалар ҳал қилиб берилди. Президентимизнинг шу йил 19 январдаги қарорларига кўра, ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилди.

Эндиликда ҳоким ёрдамчиларининг фаол иштирокида секторлар кесимида маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилганларнинг рўйхати қайта шакллантирилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари изчил давом эттирилади.

Бунда, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит ҳамда субсидия маблағлари ажратилади. Ушбу мақсадлар учун Чортоқ туманида жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига 72,1 млрд сўмлик кредит, 4,6 млрд сўмлик субсидия маблағлари тақдим этилиши режалаштирилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 10 млрд сўм, етакчи тадбиркорлар учун 8 млрд сўм, фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан 400 млн сўм, маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 1,4 млрд сўм, 3 та дафтар жамғармаларига 4,7 млрд сўм  (Саховат ва кўмак 1,4 млрд. сўм, Аёллар дафтари 1,6 млрд. сўм, Ёшлар дафтари 1,7 млрд. сўм) тақсимот қилинди.

Шунингдек, туман аҳолисини паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишлар орқали банд қилиш учун етакчи тадбиркорларни жалб этиш, мавжуд имкониятларни ўрганиб, тадбиркорлар иштирокида маҳаллаларни инкубатор билан таъминлаш, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли сотиб олиш тизимини ташкил этиш ишлари ҳам жадал бошлаб юборилган.

Ҳозирда 4 та маҳаллада ишга туширилган паррандачилик инкубаторлари йилига 62,8 мингта жўжани аҳолига етказиб бермоқда, қолган 53 та маҳаллада ҳам тадбиркорлар томонидан янги инкубаторлар ташкил этилади.

Биргина мисол, Ифтихор маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият бошлаган етакчи тадбиркорларимиздан  Жаҳонгир Абдураимов тавсиясига кўра ушбу маҳалла паррандачиликка ихтисослаштирилмоқда.

Хонадонларга “Чортоқ пегона невс” МЧЖ томонидан 15 кунлик парранда бир йиллик ветеринария хизмати билан имтиёзли кредит асосида етказиб берилади. Аҳоли томонидан етиштирилган маҳсулотларни эса тадбиркорнинг ўзи сотиб олади. Натижада 120 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Бундан ташқари, туманимизда деҳқончилик учун ажратилаётган 100 гектар экин майдони ҳам биринчи навбатда юқорида қайд этилган тоифадаги оилаларга берилади. Шу орқали 1000 нафар аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин.

Яна шуни айтишим ўринлики, туман шароитида аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳам асосий даромад манбаи ҳисобланади. Туманимиз миришкорлари бу борада ҳам  муайян тажрибага эга. Буни  иссиқхона деҳқончилиги ва чорвачиликка ихтисослаштирилаётган Кесканёр маҳалласи мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ҳурматли ҳамюртлар!

Азал-азалдан бетакрор гўзал табиати, мусаффо ҳавоси билан машҳур бўлган Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари, таомлари билан нафақат мамлакатимиз, балки хорижий меҳмонларнинг ҳам эътиборига тушган. Туманимиз  туризмнинг кўплаб турлари ривожланган ҳудудга, халқаро андозаларга мос келадиган замонавий дам олиш масканларига эга мафтункор гўшага айланиб бормоқда. Ана шу ўзига хос имкониятлардан ҳам одамларимиз турмуш фаровонлигини ошириш, мўмай даромад олиш йўлларини қидиряпмиз. Хусусан, сайёҳлик соҳасидаги лойиҳаларини амалга оширилиши аҳолининг турмуш тарзи ўнгланишига замин бўлмоқда.

Масалан, Оромгоҳ маҳалласининг ихтисослашувидан келиб чиқиб, сиҳатгоҳлар атрофида уй меҳмонхоналари сонини икки баробарга кўпайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш белгилаб олинди. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 27 та уй мехмонхоналари фаолият юритмоқда. Табиийки, маҳаллий аҳоли бундан катта фойда кўраётгани сир эмас. Бир сўз билан айтганда, туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига замин, ҳамюртларимизнинг маънавий ва моддий ҳаёти янада юксалишига омил бўладиган имкониятларимиз етарли.

Муҳтарам отахон ва онахонлар! Азиз нуронийларимиз!

Маҳаллаларда иш бошлаган барча ҳоким ёрдамчиларини янги тизимни тўлиқ тушунган, деб айта олмаймиз. Шу боисдан улар фаолиятида айрим камчиликлар юзага чиқиши мумкин. Ҳаётий тажрибаси етишмаслиги туфайли аҳоли билан юзма-юз очиқ мулоқот қилолмаслиги ва бу ўша ҳудудда муаммолар ечими кечикишига сабаб бўлиши мумкин.

Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Сизлар ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига маҳалла раислари, имом домлалар ва отинойилар билан биргаликда яқиндан кўмакчи бўлишингиз жуда муҳим ҳисобланади. Биламизки, беш қўл баробар эмас. Орамизда боқиманда кайфиятдаги юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Бундай тоифадагилар билан ҳам алоҳида иш ташкил этиб, тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш баробарида касбга йўналтириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, дахлдорлик ҳамда шукроналик ҳиссини уйғотиш чораларини кўришимиз зарур.

Яна шуни ҳам таъкидлашим жоизки, аслида ночор, лекин андишалиги боис турли идорларда эшикма-эшик юришдан тийилаётганлар ҳам бор. Бундай вазиятдаги инсонларни аниқлашимиз ва зарур ёрдамларни кўрсатсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда албатта ҳимматли юрдошларимизни саховатпешаликка чорлаб қоламиз. Зеро, ўзгалар дарду ташвиши билан яшаш, меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Қадрли туманимиз фаоллари!

Мурожаатим давомида айтганимдек, аввало, оилалар  даромад манбаини оширишимиз, аҳоли маданиятини юксалтиришимиз, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришимиз лозим бўлади. Шундагина ўз орзу мақсадларимизга эришамиз. Фаровонлигимиз бардавом бўлади.

Мурожаатим якунида бутун туманимиз аҳолисига сиҳат-саломатлик, ғайрат-шижоат, оилавий хотиржамлик, омад ва муваффақиятлар тилайман. Улуғ мақсадлар барчангизга ҳамроҳ бўлсин.

Эътиборингиз учун катта раҳмат!