Ишчи   гуруҳнинг  Чортоқ туманидаги  ўрганишлари   туман фавқулодда вазиятлар бўлимида ишларни  тақсимлаб  олиш   билан  бошланди.  Унда  қиш   мавсумида хонадонлар,  ижтимоий  соҳа объектлари, корхона  ва    ташкилотларда    юзага   келиши  мумкин  бўлган  

фавқулодда  вазиятларнинг олдини олиш,  ёнғин  хавфсизлиги   қоидаларига  амал   қилиш  бўйича тушунча  ва  маълумотлар берилди. Шундан сўнг ишчи  гуруҳ  53- ҳамда 46-мактабларда  бўлиб,  билим масканларида   яратилган  шароитлар, турли  фан  тўгараклари,  ўқувчилар  билан  онлайн  дарс   машғулотлари  олиб   бориш  тизими, қиш  мавсумига  тайёргарлик,  ёқилғи  захираси,  иситиш   ва   қозонхоналар   фаолияти  билан  яқиндан  танишдилар. Ҳар  икки  мактабда  аниқланган   камчиликларни  бартараф   этиш  бўйича  масъулларга  топшириқлар  берилди.

Навбатдаги  манзил тумандаги  17-сонли  мактабгача  таълим  ташкилоти  бўлди.   Ушбу муассасада   айни  пайтда   400 нафардан   зиёд   болажонларга   замонавий  педагогик технологиялар  ва  инновацион усуллардан   кенг фойдаланилган   ҳолда машғулотлар  олиб   борилмоқда.   Ишчи  гуруҳ бу   ерда   яратилган  шароитлар,  таълим-тарбия жараёнлари, тўгараклар фаолияти,  озиқ-овқат ва  ёқилғи   захираси,  иситиш тизими   билан   яқиндан   танишдилар. Қиш мавсумини  кўнгилдагидек ўтказиш,  юзага  келиши   мумкин  бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш  бўйича   зарур  маслаҳатлар  берилди.

“Ишонч”  савдо  маркази   фаолияти   ҳам  эътибордан  четда  қолмади.  Икки  қаватдан иборат  бинода  ёнғин   хавфсизлиги  қоидаларига амал қилиш,  маҳсулотларни қўшимча  йўлакларни  ташкил этиш бўйича  тадбиркорга  кўрсатмалар   берилди. 

Кейинги  манзил  “Chortoq Mineral Water” масъулияти чекланган жамияти  қўшма  корхонаси   бўлди.   Бу   ерда  507   метр   чуқурликдан    соатига  4  минг  дона махсус   шиша  идишларда   минерал   сув   қадоқланиб,  ички ва ташқи бозорга сотувга чиқарилмоқда.  140 нафар  ёшларнинг  доимий бандлиги  таъминланган.  Республика   ишчи  гуруҳи   корхона   фаолияти,   ишлаб   чиқариш жараёнлари билан  танишдилар.  Фавқулодда   вазиятларнинг  олдини   олиш  бўйича  тегишли  кўрсатма  ва   тавсиялар   берилди.

Туман марказидаги бозорда жаҳон банки  лойиҳаси асосида кенг кўламда  қурилиш-таъмирлаш  ишлари  амалга  оширилаётган боис ҳозирда   савдо-сотиқ  ишлари   вақтинча  бозор  ташқарисида   амалга  оширилмоқда.  Бунинг натижасида   транспорт қатнови  ҳамда  пиёдалар  ҳаракатида  ноқулайликлар   юзага келмоқда.  Республика  ишчи  гуруҳи  вазиятни  атрофлича  ўрганиб  чиқиб,  юзага  келиши мумкин бўлган фавқулодда  вазиятларни  бартараф  этиш  бўйича масъулларга  муҳим  топшириқларни  берди.  Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси билан танишди. Аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлди.

Чортоқ  тумани тиббиёт  бирлашмасида  8  та  бўлим  фаолият  кўрсатади.  Уларда  беморларга  зарур  тиббий  ёрдам  кўрсатиш, ички дорихоналар фаолиятини   такомиллаштириш, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар, озиқ-овқат, ёқилғи  захирасини  яратиш  бўйича амалга оширилаётган ишлар  ишчи  гуруҳ томонидан  ўрганилди. Ошхона, қозонхона, муолажа  хоналарида  аниқланган   камчиликларни  бартараф этиш  бўйича  тавсиялар   ишлаб  чиқилди.

Шу  куни   ишчи  гуруҳи  томонидан  “Бўлон”  маҳалласида  жойлашган  “Biznes Kantrol Aziya” масъулияти чекланган жамияти   фаолияти  ҳам  ўрганилди.  Бу  ерда  асосан қишлоқ  хўжалиги   маҳсулотларини сақловчи  1500 тонна  сиғимга  эга иккита  музлаткичли омборхона бўлиб, уларда 10 та махсус камера  жойлаштирилган. Ҳозирда 350 тоннага  яқин мева ва сабзавотлар захира   қилиб  қўйилган.

Бир кунлик  ўрганишлар  натижасида  туманда  озиқ-овқат  хавфсизлигини  таъминлаш,  бозорларни  арзон   ва сифатли   маҳсулотлар  билан  тўлдириш,  қиш  мавсумини  беталофат   ўтказиш  бўйича  секторлар  билан   бирга    муҳим  тавсиялар   ишлаб  чиқилди.

Бир сўз билан айтганда, жойларда бўлиб ўтаётган  мулоқотлар  фуқароларнинг  ҳуқуқ ва эркинликлари,  давлат ва жамият манфаатларини  ишончли  ҳимоя қилиш, бу борада  мавжуд  муаммо ва камчиликларни  ўз вақтида  бартараф  этилаётгани   аҳолининг   давлат органлари ва  хўжалик  бошқарув  субъектларига  бўлган ишончини  янада мустаҳкамламоқда. 

Ҳокимлик ахборот хизмати