Чортоқ туманида секторлар кесимида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Бунда асосий эътибор Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 декабрдаги “Фавқулодда вазиятларининг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 743-сонли қарори ижросига қаратилмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги, ИИБ, ФВБ, Миллий гвардия қўриқлаш бўлими, коммунал хизмат кўрсатувчи ва бошқа дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил иш олиб борилмоқда.

Бугун эрталабки йўриқнома ўтказилиб, 1-сектор ҳудудидаги Дамариқ, Юксалиш, Ласкидон, Кесканёр маҳалласида аҳоли хонадонларида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтириш ишлари бошланди. Бу жараёнда хонадон эгалари содир бўлиши мумкин бўлган турли кўнгилсиз ҳолатлардан огоҳ этилиб, ботулизм, ис газидан захарланиш, ёнғин, чақнаш каби фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳақида сўз юритилмоқда. Хусусан, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, дуд бўронларни тозалаш, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларини шай ҳолатга келтириш зарурлиги таъкидланмоқда.