2021 йил 30 декабрь куни Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг навбатдаги ўттиз олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари,ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Сессияни туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Анваржон Отаходжаев олиб борди.

Сессия котиби, кун тартиби ва иш регламенти тасдиқланди.

Дастлаб сессия кун тартибидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4102-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда  ҳудудда  “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида секторлар раҳбарларининг амалга ошираётган ишлари бўйича  ҳисоботлари” тўғрисидаги масала ўрин олди.

Шундан сўнг 2022 йил учун Наманган вилояти Чортоқ туманининг маҳаллий бюджети тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан туман молия бўлими бошлиғи Дилмурод Вахабов ахборот берди. Таъкидланишича, 2021 йилда Чортоқ туман маҳаллий бюджети даромадларининг режаси 45 млрд 254 млн сўм бўлиб, 48 млрд 575 млн сўмга ёки 3 млрд 321млн сўм ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Келгуси йилга мўлжалланган маҳаллий бюджет даромадлари 63 млрд 140 млн сўм, харажатлар 201 млрд 18 млн сўм, республика бюджетидан олинадиган тартибга солувчи трансфертлар 137 млрд 878 млн сўмни ташкил этмоқда. Сессияда туман молия бўлими бошлиғи томонидан назарда тутилган харажатлар ҳақида йўналишлар ва соҳалар кесимида маълумот берилди.

Туман ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилган айрим қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўрилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан депутатлар ўз муносабатларини билдирдилар. Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.