Наманган вилоятининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида замонавий лойиҳа асосида қуриб битказилган барча қулайликларга эга кўркам янги чегарани қўриқлаш взводи биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегарани қўриқлаш взводи янги биносининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан барча ҳарбийлар, зобитлар ва аскарлар, уларнинг оила аъзоларини табриклади.
Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарликларида сўнгги 5 йилликда бутун Республика бўйлаб турли соҳаларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар мамлакатимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берди.
Янги Ўзбекистон даврида Наманган вилоятида жойлашган чегарани қўриқлаш ҳарбий қисмларининг инфратузилмасини такомиллаштириш, янги замонавий чегарани қўриқлаш взводи биноларини барпо этиш ҳамда ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, чегарани қўриқлаш взводида “Амир Темур” ва “Жалолиддин Мангуберди” маънавий-маърифий хоналари, ошхона, спорт зал, махсус хоналарни ўз ичига олган маъмурий хизмат биноси, ҳарбийлар оилалари билан яшашлари учун хонадонлар, шу маҳалладаги аҳоли билан муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи кутубхона, спорт майдончаси, мини футбол майдони бунёд этилган.
Ушбу чегарани қўриқлаш взводи ҳарбий хизматчиларининг оғирини енгил қилиш, ўз оилалари бағрида юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз осойишталиги ва эртанги кунимиз фаровонлиги йўлида хизмат олиб боришлари учун асосий мезонлардан бири бўлиб хизмат кўрсатади.





