2021 йил 20 декабрь куни Чортоқ туманидаги 20-сонли ДИМИ да ушбу янги тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатиши бўйича малака ошириш курслари бошланди.

Хабарингиз бор, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича бутунлай янги тизим ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини бўйича тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси институти амалиётга жорий этилмоқда.

Бўлажак ҳоким ёрдамчилари ва маҳаллабай ишлаш марказлари ходимлари иштирокидаги ўқув амалий машғулотни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Умурзақов кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида янги жорий этилаётган тизим маҳалладан чиқмай туриб, барча давлат хизматларидан фойдаланган ҳолда аҳолининг муаммоларини ечишга қаратилгани, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш портретини ишлаб чиқиш орқали ҳудудлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этилиши бўйича тўхталиб ўтди.

Дастлабки машғулот “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этиш зарурати” мавзусида бўлди. Чортоқ тумани иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Одилжон Мирзаакбаров “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимини жорий этишнинг ижтимоий, ташкилий, иқтисодий асослари, улар фаолиятини “Онлайн маҳалла” платформаси орқали ташкил этиш бўйича слайдлар ёрдамида атрофлича тушунтириб берди.

29 декабргача давом этадиган семинар машғулотларида тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат малакали тренерлар тингловчиларга муҳим мавзуларда сабоқ берадилар.