Наманган вилоятида Халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отахўжаев 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2022 йилга белгиланган режалар тўғрисида мурожаат қилди.

Таъкидланганидек, туманда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустахкамлаш” йили Давлат дастури ижроси, пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналарни қайтадан тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Президентимизнинг Наманган вилоятга ташрифи чоғида Чортоқ туманида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 654 миллиард сўмлик жами 138 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди. Жорий йилнинг 11 ойи давомида умумий қиймати 514,7 миллиард сўмга тенг бўлган 125 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 2 минг 283 та иш ўрни яратилди. Жорий йил ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 106,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,3 фоиз, пудрат ишлари 109,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 106,7 фоиз ва хизмат ҳажми 121,8 фоизни ташкил этди.

Туманда кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларини икки баробарга ошириш юзасидан кўрилаётган чоралар натижасида жорий йилнинг ўзида 418 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Уларнинг сони 2 минг 105 тага етди. 4 минг 519 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектига 130,5  миллиард сўм кредит ажратилди. Биргина, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 2 минг 284 кишига 54,4 миллиард сўм миқдорида кредит берилган. Натижада 2 минг 284 киши ишли бўлган.

[gallery-5110]Мурожаатда таъкидланишича, туман аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича муайян чоралар кўрилган. Махсус дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли иш олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга жами 501 миллион сўмлик турли шаклдаги моддий ёрдам ажратилган. Туманда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш йўналишларида тегишли дастурлар ишлаб чиқилган. Ўтган даврда олиб борилган ўрганишлар туфайли 3 минг 662 нафар ўғил-қиз “Ёшлар дафтари” га киритилиб, уларни қўллаб-қувватлаш натижасида улардан 3 минг 650 нафари рўйхатдан чиқарилган. Ёшлар тадбиркорлиги учун 8 миллиард 257 миллион сўм кредит йўналтирилган. Бунинг ҳисобига 361 ёш доимий иш ўрнига эга бўлди. 1802 нафар ишсиз ёшга эса ҳосил бўшаган 267,4 гектар ер майдонлари ажратиб берилган. 116 ўғил-қиз “Ёшлар 1+1” лойиҳаси асосида тадбиркорлар ва уста-ҳунармандларга бириктирилган. Хотин-қизларнинг муаммо ва масалаларини ўрганиш мақсадида ҳозирга қадар 34 минг 526 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилган. 5 минг 65 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари” га киритилган. Келгуси 2022 йилда маҳаллий бюджет умумий даромадлар режаси 118,8 миллиард сўм, шундан туман маҳаллий бюджет даромадлари режаси 62,9 миллиард сўм этиб белгиланиши кутилмоқда. Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан туман марказидаги бозорни тартибга солиш, сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитларни яратиш бўйича ишлаб чиқилган 7 миллиард сўмга тенг бўлган, аммо тўхтаб қолган лойиҳа бўйича ишлар Наврўз байрамига қадар якунига етказилиши қайд этилди.Кўрилган масалалар бўйича депутатлар ва туман фаолларининг муносабатлари, фикр-мулоҳазалари тингланди. Сессиядан сўнг мурожаатнома юзасидан уюштирилган матбуот анжуманида туман ҳокими оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.