
Ассалому алайкум ҳурматли депутатлар!
Азиз сессия иштирокчилари!
Авваломбор, Сизларни кириб келаётган янги 2022 йил билан туман ҳокимлиги ва барча жамоатчилик номидан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Халқ депутатларига ва халқимизга йўлланаётган бу йилги мурожаатнома ўтган йиллардан фарқли равишда мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун жаҳон, қолаверса, республикамизда ҳам коронавирус пандемияси деган глобал офат кузатилди. Бундай улкан фалокат туфайли нафақат туманимиз балки бутун республика ва жаҳон иқтисодиётига катта таъсирини кўрсатди.
Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.
Президентимизнинг ташаббуслари билан ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чоралар натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.
Карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олийжаноб халқимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Ҳурматли депутатлар!
Қадрли юртдошлар!
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустахкамлаш” йилида Давлат дастурига мувофиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотларни қатъий давом эттирдик.
Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида жонажон Ўзбекистонимизда эришилган ютуқларимиз тарихга айланиб, олдимизда янгидан-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда туманни 2021 йил якунини сарҳисоб қилиб, келгуси йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.
2021 йилда амалга оширилган ишлар бўйича.
Ўтган давр мобайнида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқларини, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар фаолиятини қайтадан тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2021 йил январь-ноябрь ойлари якуни билан ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 106,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,3 фоиз, пудрат ишлари 109,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 106,7 фоиз ва жами хизмат ҳажми 121,8 фоизни ташкил этмоқда.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари улуши 1 238,0 минг сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6 833,3 минг сўмни, пудрат ишлари 1 533,9 минг сўмни, чакана савдо айланмаси 2 854,2 минг.сўмни ва хизмат ҳажми 3 609,5 минг сўмни ташкил этади.
Маҳаллий бюджет ижроси:
Жорий йилда туман бюджет даромадлари режаси 40,6 млрд.сўмни ташкил этиб, амалда 42,2 млрд.сўмни ёки 1,5 млрд. сўмга (103,9%) ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий бюджетнинг харажатлар режаси 166,1 млрд. сўмни ташкил этиб, амалда 100 фоизга молиялаштирилади.
Туман маҳаллий бюджетининг харажатлари қуйидаги масалаларни ҳал этишга йўналтирилди.
Шу жумладан:
Мактабгача таълим соҳасига 14,0 млрд.сўм;
Халқ таълими соҳасига 10,7 млрд.сўм;
Соғлиқни сақлаш соҳасига 66,5 млрд. сўм;
Маданият соҳаси учун 1,8 млрд. сўм;
Спортни ривожлантириш учун 2,5 млрд. сўм;
Бошқа соҳалар учун 70,5 млрд. сўм.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида сув тармоғини яхшилаш, ички йўлларини равон ҳолатга келтириш учун 1,0 млрд.сўм, дастурларнинг параметрларини амалга оширишга йўналтирилди.
Бундан ташқари ижтимоий соҳани куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш мақсадида 2,8 млрд.сўм маблағлар йўналтирилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш:
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида қабул қилинган фармон ва қарорлар пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари, фикр-мулоҳазалари билан яқиндан танишиш ҳамда уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари “Ҳоким ва тадбиркорлар учрашуви” мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган муаммо ва таклифларни ўз муддатларида ечимини топиш чоралари кўрилмоқда.
Йил давомида Бош вазир қабулхонасига жами 609 та тумандаги тадбиркорлар томонидан мурожаатлар келиб тушди, шундан, 367 таси (60,3 %)қаноатлантирилди ва 233 тасига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Туманда тадбиркорлик субъектларини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини икки баробарга ошириш юзасидан кўрилаётган чоралар натижасида жорий йилнинг ўзида 418 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда туманда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони 2 105 тага етказилди.
Жорий йил давомида жами 4 519 нафар фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига 130,5 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
Жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 284 нафар мижозларга 54,4 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилиб, бунинг ҳисобига 2 284 та янги иш ўринлари яратилди.
Бандлик масаласи:
Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 118 та лойиҳаларда 3 594 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, 375 та янги ташкил этилган кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобига 1 097 та, 118 та инвестиция лойиҳаларини ишга туширилиши ҳисобига 2 043нафар, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 454 та янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш сўраб 5 205 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, шундан 3 061 нафари (шундан, 1 574 нафар 51% аёллар, 1 018 нафар 33 % ёшлар) корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштиришга эришилган.
Туман бўйича 1 552 нафар фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган бўлиб, уларнинг иш ҳақи учун 1,4 млрд.сўм маблағ ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 1,2 баробарга кўп ташкил этди.
Меҳнат мигрантларини хорижга кетишдан олдин касб-ҳунар ҳамда чет тилларга ўргатиш мақсадида 545 нафар фуқароларни 343,9 млн.сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Моно” ўқув марказларида таълим олиши ташкил этилди.
Ишсизларни тадбиркорликка жалб қилиш, меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида 1 та маҳаллада ўқув масканлари ташкил этилди ва 23,3 млн. сўмлик 5 та компьютер ва принтер билан жиҳозланди.
Миграция масаласида:
Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига, 1 481 нафар шахслар хориждан қайтиб келган бўлиб, 1 071 нафарининг бандлиги таъминланди.
Меҳнат мигрантларини хорижга кетишдан олдин касб-ҳунар ҳамда чет тилларга ўргатиш мақсадида “IT-School” ўқув марказида ўқув курслари ташкил этилди. Шу билан бирга, дастур асосида ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида туманда 545 нафар ишсизларни касб-ҳунарга ўқитилди ва қайта тайёрланди. Ҳозирги кунда касб-ҳунарга ўқитиш марказида 5 та йўналишда 80 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Жумладан: компьютер IT/WEB сайт йўналишида 4 нафар, тикувчилик йўналишида 40 нафар, газ пайвандлаш йўналишида 1 нафар, аёллар сартарошлиги йўналишида 4 нафар, рус тили ўқув курсида 4 нафар, бошқа йўналишларда 30 нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга тайёрланмоқда.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида.
Камбағалликни қисқартириш масаласи:
Туманда бугунги кунга қадар “Темир дафтар”га киритилган ва эҳтиёжманд оилаларга жами 501 млн. сўм миқдорида турли шаклдаги моддий ёрдам ажратилди.
Шундан, “Темир дафтар”да қолган 27 та якка ёлғиз ва ногиронлиги бор эҳтиёжманд оилаларга 67,5 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Йил давомида ўрганишлар ўтказилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига биноан туманда янгидан 451 та (оила аъзолари 1 921 нафар) 18 ёшга тўлмаган болалари бўлган эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”га киритилди ва уларга 433,5 млн. сўм бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратилди.
Мазкур соҳада амалга оширилган ишлар ҳамда кўрсатилган ёрдамлар натижасида 465 та оила (97,3%) розилиги асосида халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида кўриб чиқилиб, тегишли Кенгаш қарорлари асосида “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди.
Ёшлар дафтари:
Бугунги кунда туманимизда жами 101,2 минг нафар ёшлар истиқомат қилиб, аҳолининг 49,3 фоизни ташкил этади. Шундан, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 32 607 нафар (15,9 фоизни) ташкил этади.
Президентимизнинг бизга берган имкониятлари ва ёшларга бўлган эътиборлари натижасида туманимизда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказиш йўналишларида тегишли дастурлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ўрганишлар натижасида 3 662 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб шундан, 3 650 нафари дафтардан чиқарилди.
Шундан, 3 249 нафари бандлиги таъминланди.
Жумладан, 308 нафари бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди;
184 нафари вақтинчалик жамоат ишларига жалб этилди;
127 нафари инвестиция лойиҳалари ва янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига бандлиги таъминланди;
Ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти учун 8 млрд. 257 млн. сўм миқдорида кредит ажратилиши ҳисобига 361 нафар ёшлар бандлиги таъминланди;
1 802 нафар ишсиз ёшларга 267,4 гектар ер майдонлари ажратилиб бандлиги таъминланди;
116 нафар “ёшлар 1+1” лойиҳаси асосида тадбиркорлар ва уста-ҳунармандларга бириктирилди;
334 нафар ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида 444,4 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилди;(иссиқхона, сув насос, ва б.)
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали 17 нафар ёшлар чет давлатларига юбориш орқали бандлиги таъминланди.
Қолган 401 нафар ёшларга турли ёрдамлар кўрсатилиб “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.
Шундан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ёшлар жағармаси” маблағлари ҳисобидан жами 1 483 нафар ёшларга 1,4 млрд. сўм маблағлари ажратилди.
Жумладан, 79 нафар ёшларга 38,2 млн. сўм бир марталик ёрдам пули (ҳар бирига 483,8 минг сўмдан);
80 нафар ёшлар (148,7 млн. сўм) ҳайдовчилик курсларида ўқитилди;
201 нафар ёшларга 425,3 млн. сўм тикув машинаси ва инкубатор олиб берилди;
47 нафар ёшларга 246,9 млн. сўм ҳарбий хизматни ўтаб келишлари учун бадал пуллари тўлаб берилди;
119 нафар ёшларга олий ва профессионал билим юртларига 329,1 млн. сўм миқдорида тўлов-контрактлари тўлаб берилди;
957 нафар ёшларга 184 млн. сўм турли хил йўналишларда эҳтиёжлардан келиб чиқиб, доимий даромад манбалари яратиб берилди.
Туманимизда ёшлар бандлигини таъминлаш билан бир қаторда уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг ташаббуслари билан 57 та маҳаллаларга “Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги вакиллари” тайинланди.
Ушбу лавозимга жами 247 нафар ёшлар номзодлари шакллантирилди ва 57 нафари суҳбатдан ўтказилиб, секторлар раҳбарлари томонидан тасдиқланди.
Аёллар дафтари:
Дафтарни шакллантиришда туман бўйича ҳозирги кунга қадар 34 526 та хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Туманда 5 065 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилди.
Ушбу “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни қуйидаги йўналишларда ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали ўз розиликлари асосида дафтардан чиқарилди.
Жумладан,
- 1 160 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз аёлларнинг (100%) бандлиги таъминланди;
- 532 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларга;
- 513 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларга;
- 28 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I-гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларга;
- 19 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёллар;
- 158 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга;
- 1 620 нафар тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёлларга;
- 548 нафар ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аёлларга;
- 487 нафар психологик маслаҳатга муҳтож аёлларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Мазкур тадбирларга “Аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 761,2 млн. сўм маблағ мақсадли сарфланди.
Аёлларга бўлган эътиборлар натижасида туманимиздан 2021 йилда Зулфия давлат мукофотига 2 нафар қизларимиз Республика босқичига йўлланма олдилар.
Чортоқ туман Абу Али ибн Сино номидаги жамоатчилик саломатлиги техникуми директорининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Мамажанова Мавлудахон “Мўтабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Йил аёли-2021” танловида Чортоқ туман ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича катта инспектори Маҳкамова Дилрабо “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Инвестицияларни жалб этиш ва маҳаллийлаштириш:
Муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари давомида туманда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 654,0 млрд.сўмлик жами 138 та инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
Ўтган давр мобайнида жами қиймати 514,7 млрд.сўмлик 125 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиши натижасида 2 283 нафар иш ўринлари яратилди. Жумладан:
Саноат йўналишида умумий қиймати 261,6 млрд.сўмлик 57 та лойиҳаларда 1267 нафар, қишлоқ хўжалиги 162,7 млрд. сўмлик 30 та лойиҳаларда 519 нафар, хизмат кўрсатиш соҳасида 90,4 млрд.сўмлик 38 та лойиҳаларда 497 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун:Бешкапа МФЙ ҳудудида жойлашган “Чортоқ мастер текстил” МЧЖ томонидан умумий қиймати 6,5 млрд.сўмлик тикувчилик цехи ташкил этиб 80 нафар;
Қорабоғ МФЙ ҳудудида “Темур Ислом фрутс экспорт импорт” МЧЖ томонидан қиймати 10 млрд.сўмлик 100 гектар майдонда интенисив боғ ташкил этилиб 100 нафар иш ўринлари яратилди.
Экспортни қўллаб-қувватлаш борасида:
Туманда 2021 йилда 26.3 млн АҚШ. долларлик экспорт режаси белгилаб олинган бўлиб, шундан 6.9 млн АҚШ долларлик саноат ҳамда 19.4 млн АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб амалда 13.3 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ҳамда белгиланган режа 50.7 фоизга бажарилди.
Жорий йилда экспорт географияси кенгайиши ҳисобига Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Канада давлатларига 4,1 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Кичик саноат зоналарини ривожлантириш:
Бугунги кунда 3 та кичик саноат зоналарида умумий қиймати 126,7 млрд.сўм миқдоридаги инвестиция маблағлари жалб қилиниб, 79 та лойиҳаларда 1 619 нафар янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинди.
Шу билан бирга, кичик саноат зоналарини ривожлантириш мақсадида “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси” ҳисобидан 18,1 млрд.сўм ажратилиши эвазига кичик саноат зоналарда муҳандислик инфратузилмалар яхшиланмоқда.
Қурилиш йўналишида
Инвестиция дастури доирасида:
Инвестиция дастури бўйича 3 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та соғлиқни сақлаш муассасасида реконструкция ишлари бажарилди.
Ушбу объектлардан 2 тасида қурилиш ишлари якунланди. Жумладан, 22- ва 50-сонли умумтаълим мактаблари, Бештол ва Соз-сой оилавий поликлиникалари фойдаланишга топширилди. “Бештол” МФЙ Булоқбоши массивида янги умумий қиймати 12,5 млрд.сўмлик 330 ўринли умумтаълим мактаби спорт зали билан бирга қуриш ишлари якунланади.
Бундан ташқари, туман марказида жойлашган Дўстлик МФЙ, Ибн Сино кўчасидан ўтувчи пиёдалар йўлагини замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида пудратчи ташкилот “Барокат ҳиммат файз” МЧЖ томонидан умумий маблағи 2,9 млрд сўм бўлган 2,8 км пиёдалар йўлаги ва велойўлаклар, тунги ёритиш жиҳозлари, сув йўлларига бетон жисмлар ўрнатиш ва ҳудуддаги ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда спортга кенг жалб этиш мақсадида “Workout майдони” ташкил этилди.
Маҳаллий инвестиция дастури доирасида:
Туманда коммунал соҳа бўйича бугунги кунгача 23,0 км йўлларда 10,6 млрд сўмлик асфальт қоплама ишлари ҳамда 46,0 км йўлларда 4,2 млрд. сўмлик шағаллаш ишлари бажарилди.
Туманда йил давомида 2,2 млрд сўм маблағ эвазига 29,0 км ичимлик сув тармоғи тортилди.
Аҳолининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 22 та трансформатор пунктлари ҳамда 135,0 км электр тармоқлари мукаммал таъмирланди, 73,9 км янги электр тармоқлари тортилди, 1 268 дона янги темирбетон таянчлар ўрнатилиб, 3,0 млрд.сўм маблағ сарфланди. Бу бажарилган ишлар ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпроқни ташкил қилди.
Уй-жойлар қурилиши:
Жорий йилда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 240 та хонадондан иборат 12 та кўп қаватли арзон турар жой бинолари қуриб битказилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан 170 та хонадондан иборат 5 та кўп қаватли турар жой бинолари, жами туманда 17 та 410 хонадондан иборат кўп қаватли турар жой бинолари қуриб битказилади.
Бундан ташқари, 2021 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида тумандаги Бештол ва Боғистон маҳалла фуқаролар йиғинларини ижтимоий-иқтисодий ҳамда аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳудудларда 23,6 млрд сўм маблағлар сарфланди.
Жумладан,
Ички йўлларни яхшилаш мақсадида 5,3 млрд. сўм маблағлар сарфланиб жами 39,5 км йўллар таъмирланади.
3,1 млрд сўмга 24.1 км ичимлик суви тармоғи тортилди.
Электр таъминотини яхшилаш бўйича 73,9 км тармоқлар тортилиб, 8,9 млрд. сўмлик ишлар бажарилиб аҳолини турмуш шароитини янада яхшилаш режалаштирилган.
Рақамли технологиялар:
“Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари доирасида барча умумтаълим мактабларида оптик толали алоқа линияларига охирловчи қурилмалар ўрнатилди ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш имконияти яратилди.
Рақамли инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 201,7 км оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 450 км га етказилди.
Жорий йилда умумий ҳисобда 1 248 та интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, 34 та мактабгача таълим, 56 та халқ таълими ва 16 та тиббиёт муассасалари юқори тезликка мўлжалланган оптик толали интернет тармоғига уланди ва мазкур йўналишдаги ишлар йил якунига қадар жадал олиб борилади.
Қишлоқ хўжалиги йўналиши
Пахта ва ғалла етиштириш:
Тумандаги мавжуд “NAMANGAN TO’QIMACHI CLUSTER” томонидан 1 062 гектар ер майдонларидан 3 976 тонна пахта хом-ашёси нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиниб, шартномавий режа 102,7 фоизга ортиғи билан бажарилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, пахта шартномаси мавжуд тумандаги 57 та фермер хўжаликларида белгиланган шартномавий режа тўлиқ ва тезкорлик билан бажарилишига эришилди. Бунда ўз навбатида, меҳнаткаш халқимиз, жонкуяр фермерларимиз ва мутасаддиларнинг меҳнатлари беқиёсдир.
Ғалла етиштириш учун 1870 гектар ер майдонларида 57,5 центнердан, 10 753 тонна дон етиштирилиб давлатга 6 350 тонна бошоқли дон топширилди ва белгиланган шартномавий режа 107,6 фоизга ортиғи билан бажарилди.
Чорвачиликни ривожлантириш:
Жорий йилнинг ўзида туманга Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидан 1 200 бош қорамол ва 600 бош қўйлар олиб келиниб, тумандаги барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар бош сони 62 354 бошдан ва қўйлар бош сони 49 725 бошдан ортди.
2021йилда туманда 9 та қорамолчилик, 4 та паррандачилик, 1 та балиқчилик ва 1 та қуёнчилик йўналишидаги янги лойиҳалар ишга туширилиб, 142 та янги ишчи ўринлари яратилди.
2021 йилда жами 6 859 тонна гўшт, 38 138 тонна сут маҳсулотлари етиштирилди. Олиб келинган чорва ҳайвонлари ҳисобига гўшт ва сут маҳсулотлари 2020 йилга нисбатан гўшт маҳсулотлари 465 тоннага, сут ишлаб чиқариш 2 112 тоннага оширилди.
Ерларни фойдаланишга қайтариш:
1-босқичда туманнинг 12 та ҳудудида, 2 909 гектар майдон фойдаланишга киритилди.
2-босқичда 2091 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалигида фойдаланишига киритиш белгиланган.
Ижтимоий йўналишда
Мактабгача таълим тизими:
Туманда мактабгача таълим ташкилотлари сони 169 тани ташкил этиб, буларда жами 16508 нафар болалар таълим олади, шундан, давлат мактабгача таълим ташкилотлари 36 та, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари 1 та, Давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари 5 та, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари 128 тага етказилиб, жорий йилда тумандаги мактабгача таълим ёшдаги болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 74,4 фоизга кўтаришга эришилди.
2021 йил якунига қадар янги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини очилиши, инвестиция дастуридаги ДМТТларнинг қуввати ошиши ҳамда 1 та ДХШ асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиши ҳисобига болаларни қамраб олиш 77,1 фоизга етказилади.
Халқ таълими тизимида:
Тумандаги умумтаълим мактабларида 33 797 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. 2021 йилда умумтаълим мактабларининг 11-синфини тамомлаган 2 567 нафар битирувчиларимиздан 733 (28,6%) нафари олий таълимга киришди ёки ўтган йилга нисбатан 133,8 фоизга ортган.
Маълумот учун: 2020 йилда олий таълимга кирганлар 548 (24%) нафарни ташкил этган.
Умумий ўзлаштириш кўрсаткичи 2020 йилда 78,2 % ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 85.9 %га ошган.
Жорий йилда туманимиз ёшлари томонидан фан олимпиадаларининг ғолиблари 113 нафарни, Республика миқёсидаги танлов ғолиблари 4 нафарни ташкил этган бўлса, тумандаги 5-ДИМИ ва 1, 2, 11, 17, 18, 31, 33, 40, 41, 42, 43, 46, 53-сонли умумтаълим мактабларидан жами 50 нафар ўқувчилар муддатидан олдин олий таълим муассасаларига кириб, талабаликни қўлга киритдилар.
Маълумот учун: 5-ДИМИ ўқувчилари 52 нафар битирувчилари олийгоҳларга (100%) ўқишга кирди.
Спортда амалга оширилган ишлар.
Туманда жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг барча қатламлари ўртасида жами 72 та спорт тадбирлари ўтказилиб, ушбу тадбирларга 19,3 минг нафар ёшлар қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 108,6% ортди.
57 та маҳаллаларда ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун жами 14 та “Стритбол”, 45 та “Workaut” майдонлари ташкил этилди.
Туманнинг умидли ва иқтидорли спортчилари томонидан Республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларда жами 65 та, медаль қўлга киритилган бўлиб, шундан жаҳон чемпионатида жами 5 та, шундан, 3 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза, Республика биринчиликларида 61та медаллар қўлга киритилди.
Мисол учун: жаҳон чемпионатида универсал жанг бўйича Шакарбекова Гулзира, Ғофуржанов Хуршидбек ва Абдураҳманов Сардорбеклар 1-ўринни эгаллаб, республикамиз шаънини ҳимоя қилди.
Муайтай бўйича Болтабоев Раҳимжон МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган мусобақада 3-ўринни эгаллади.
“Токио-2020” 32-олимпия ўйинларида тумандаги Хайирли МФЙдан Юнусова Шахноза иштирок этди.
Мурожаатлар бўйича
Йил бошидан туман ҳокимлигига, юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар сони 1342 тани ташкил этади. Шундан, 1172 таси (87,3%) қаноатлантирилган, 158 тасига (11%) ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали тушунтирилган, 12 таси (1,7%) кўриб чиқиш жараёнида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ ва виртуал қабулхоналари орқали туман ҳокимлигига жами 1 428 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 1 121 таси (78.5%) қаноатлантирилган, 264 таси (18%) ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали тушунтириш берилган, 43 таси(3.5%) ҳозирда ўрганиш жараёнида.
2022 ЙИЛ РЕЖАЛАР ХУСУСИДА.
Ҳурматли депутатлар! Рухсатингиз билан 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан қисқача тўхталиб ўтсам.
Макроиқтисодий кўрсаткичлар:
2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция дастурлари ва зарурий чора-тадбирлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 110,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 105,4 фоизга, пудрат ишлари 106,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,2 фоизга ва жами хизмат ҳажми 118,7 фоизга ўсиши прогноз қилинган.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида меҳнат қилаётганлар фуқароларнинг кичик бизнесдаги улуши 85,0 фоизни ташкил этиши мўлжал қилинган.
Маҳаллий бюджет режалари:
2022 йил умумий даромадлар режаси 118,8 млрд.сўмни белгиланиши кутилиб, шундан туман маҳаллий бюджет даромадлари режаси 62,9 млрд.сўм этиб белгиланиши кутилмоқда. Шундан 57,6 млрд.сўм жорий ҳисобланиши кутилаётган солиқлар ва тўловлар, 1,8 млрд.сўм камерал солиқ текширувлари орқали солиқ ҳисоблаш, 2,3 млрд. сўм янги лойиҳалар ва янги корхоналар ташкил этилиши ҳисобига, 1,2 млрд.сўм хуфёна иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши кутилмоқда.
2022 йилда ҳам солиқ тушуми манбаларини кўпайтириш, жойларда тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда барча даражадаги маҳаллий давлат ва бошқарув органларининг бу борада масъулиятини ошириб, даромадлар режасини ортиғи билан бажарилишини ўзимизга муҳим вазифа қилиб белгилаб олдик.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик:
Муҳтарам Президентимизнинг ПФ-29 ва ПҚ-31 сонли қарорлари асосида 57 та маҳаллаларда ташкил этилган “Ҳоким ёрдамчилари” томонидан маҳалла ҳудудидаги тадбиркорларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, улардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга ғояларни шакллантириш, бизнес-режаларни тайёрлаш ва уларни тижоратлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини янада оширишни ўргатиш учун алоҳида эътибор қаратилади.
Юқорида белгиланган вазифаларни амалга оширилиши ҳисобига 2022 йилда 510 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этиб, туманда кичик бизнес субъектлари сонини 2 616 тага етказилади. Банклар томонидан ажратилаётган кредитларни 2 баробар ошириб, 172,5 млрд. сўмга етказиш таъминланади.
Шу жумладан;
-Хизмат кўрсатиш дастури бўйича 70,0 млрд.сўм;
-“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 96,3 млрд.сўм;
-Ҳунармандчилик дастури доирасида 1,0 млрд.сўм;
-Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 5,2 млрд. сўм.
Инвестиция лойиҳалари:
2022 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,1 трлн.сўм лик 104 та лойиҳаларни ишга тушириб, 3 233 нафар янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинди.
Жумладан, саноат йўналишида 165,0 млрд. сўмлик 35 та(1 673 нафар иш ўрни), қишлоқ хўжалиги йўналишида 740.0 млрд.сўмлик 29 та(820 та иш ўрни) ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишида 315,1 млрд.сўмлик 27 та (740 та иш ўрни) лойиҳалар амалга оширилади.
Экспортни қўллаб-қувватлаш:
Экспорт фаолиятига янги корхоналарни жалб этиш ва янги турдаги маҳсулотларни экспортга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
2022 йилда жами 19.6 млн. АҚШ долларлик товар ва хизматлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган.
Шундан, саноат маҳсулотлари 5,4 млн. АҚШ доллар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 14,3 млн. АҚШ долларига тўғри келади.
Мисол учун: “Соф ипак инвест” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган Хитой давлатига 2,4 млн. АҚШ долларлик ипак маҳсулотларни экспорт қилинишига эришилади;
- “Чартак агро март” ф/х ва “Глобал экспорт Чартак” ф/х томонидан тумандаги мева сабзавот маҳсулотлари қайта ишлаб 10,0 млн. АҚШ долларига экспорти амалга оширилади.
Кичик саноат зоналари янада ривожлантириш:
Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифлари давомида берган топшириқларидан келиб чиқиб, ҳар бир сектор раҳбари ҳудудида биттадан кичик саноат зоналарини ташкил этиш белгилаб олинди.
Шу боис, “Наманган тажрибаси” сифатида туманимизнинг ҳар бир секторларида янги кичик саноат зоналари ташкил этилади ва секторлар раҳбарлари бунга бошчилик қилади.
Ойқирон МФЙ ҳудудида 7 гектар майдонда янги кичик саноат зонаси ташкил этилади ва бунинг натижасида тумандаги кичик саноат зоналари сони 4 та га етказилади;
Қурилиш йўналишида
Инвестиция дастури:
Туманда 8та объектларда 2022 йил давомида 42,4 млрд.сўмлик қурилиш ишлари, жумладан, 4,2 км саломатлик йўлаклари қуриш ишлари режалаштирилган.
Аҳолининг ичимлик суви, йўл ва электр таъминоти:
2022 йилда туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 та маҳалла ҳудудида 22 км ичимлик суви тармоғи тортиш ҳамда 2 та маҳалла ҳудудига (Қорамурт, Сарой) тик артизиан қудуғи қазиш ишлари бажарилиши ҳисобига 7,5 млрд.сўм сарфланиши режалаштирилган.
Ушбу ишларни амалга оширилиши натижасида туман аҳолиси 92 % ичимлик суви билан таъминланишига эришилади.
Бундан ташқари, 26 та маҳаллада зўриқиш билан ишлаётган 24 та трансформатор ва 83,4 км тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат ва маҳаллий аҳамиятидаги умум фойдаланув автомобиль йўлларида 5,4 млрд. сўмлик, ички йўлларга 16,9 млрд сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида умум фойдаланув йўлларида 135 км, ички йўлларда 38 та маҳаллада 55,0 км йўллар яхшиланади.
Бундан ташқари, 2022 йил “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида тумандаги “Сарой” ва “Қорамурт” маҳалла фуқаролар йиғинларини ижтимоий иқтисодий ҳамда аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳудудларда 8,2 млрд сўм маблағ эвазига 2 та ижтимоий соҳа объектлари мукаммал таъмирланиши, 7,5 млрд сўм маблағ эвазига 24,1 км ички йўллар таъмирланиши, 6,5 млрд маблағ эвазига 18,5 км ичимлик сув тармоқлари тортилиш ҳамда 1,0 млрд сўм маблағ эвазига 6 та трансформатор ва 14,9 км электр тармоқлари тортилиб аҳолини турмуш шароитини янада яхшиланади.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш:
Туманда 2022 йил ҳосили учун 18 минг 222 гектар экин ер майдонларига, шундан 13 432 гектар асосий, 1 956 гектар такрорий ҳамда 2 834 гектар оралиқ майдонларга қишлоқ хўжалиги экинлари экилади.
Шу билан бирга, 2021 йилда эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган 4 880 гектар ҳамда 469 гектар боғ ва ток қатор ораларида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади.
Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида мавжуд 34 526 та аҳоли хонадонларидаги 1 579 гектар томорқа ерларининг 935 гектарига тўқсонбости, 1 037 гектарига эртаки ва 2 104 гектарига ўртаки маҳсулотлар экиш ташкил этилади.
Юқоридаги тадбирлар натижасида 15 241 тонна бошоқли дон, 3 866 тонна пахта,76 249 тонна сабзавот, 3 941 тонна полиз, 64 246 тонна картошка, 2 739 тонна мойли, 2 622 тонна дуккакли, 22 778 тонна мева, 5 293 тонна узум, 8 560 тонна гўшт, 57 530 тонна сут, 33 520.0 минг дона тухум ишлаб чиқарилади.
Пахта, ғалла ва пиллачилик:
Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича 2022 йилда туманнинг барча ҳудудларида пахта хом ашёси етиштириш кластер усулида амалга оширилади ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида ҳудудларда инвестицион лойиҳалар амалга оширилади.
Ерларни ўзлаштириш:
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш бўйича 2022 йилда 2 091 гектар майдонлар фойдаланишга киритилади.
Қишлоқ хўжалигида инновациялар:
Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш бўйича инновациялар тизими (AKIS) доирасида “Ягона дарча” тамойили асосида фаолият олиб борадиган давлат муассасаси шаклидаги “Агрохизматлар маркази” ташкил этилади.
Шунингдек, соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ишлари ҳажми жорий йилга нисбатан 2 баробарга оширилади.
Жумладан, жами 1 049 гектар майдонларда сувни тежайдиган технологияларидан фойдаланиб суғориш жорий қилинади.
Ижтимоий соҳа йўналиши
Мактабгача таълим тизими:
2022 йилда тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 300 тага етказилади.
Бунда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 42 тага, ДХШ асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари 8 тага, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 250мтага етказилиши кўзда тутилган.
2022 йилга қадар 22 186 нафар 3-7 ёшдаги болаларнинг 21 156 нафари мактабгача таълимга қамраб олиниб, қамров 95,4 фоизга етказилади.
Халқ таълими тизми:
- 2022 йилда 1 та 330 ўринли янги мактаб ташкил этилади, 4 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилади, 1 та мактабга янги спорт зал қурилади;
- PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш тадқиқот дастурлари асосида халқ таълим тизимида ўқитувчилар сифат таркибини яхшилаш, мактабларда таълим жараёнларини юқори босқичга олиб чиқилиши таъминланади.
- Фан олимпиадаси ғолиблари сони 135 нафардан оширилади;
- Отин медаль олувчилар сони 2 баробарга, яъни 64 тага етказилади;
2022 йилда таълим муассасалари сони 54 тадан 55 тагача етказилади, қамраб олиш даражаси жорий йилда 33 797 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 33 994 нафаргача оширилади.
Мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришини камида 28,6-36 фоизга етказилади.
Шунингдек, таълим сифати паст, моддий-техника таъминоти етарли бўлмаган умумтаълим мактаблари “намунали мактаблар”га айлантирилади.
Соғлиқни сақлаш тизими
Туманда 2021 йил давомида давлат соғлиқни сақлаш муассасалари 17 та ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 18 тага кўпайтирилади. Хусусий саломатлик марказлари 23 тани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 24 тага оширилади.
Азиз ҳамюртлар!
Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади.
Яна бир бор барчангизга сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
Чортоқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати





