Ассалому алайкум ҳурматли туманимиз деҳқон ва фермерлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Сизларни бугун юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Шундай шукуҳли дамларда ўзининг ҳалол меҳнати билан янги Ўзбекистонимиз равнақига ҳисса қўшаётган, элимиз дастурхонини тўкин қилаётган ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр мутахассислари ҳамда кластер корхоналари вакилларига самимий миннатдорчилик билдираман.
Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида тизимда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Ҳозирги вақтда туманимизда барча йўналишларда 7 та агрокластер фаолият юритаётгани, пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавотнинг 40 фоизидан ортиғи айнан ана шундай корхоналар улушига тўғри келаётгани бунга яққол мисол.
Жорий йил қишлоқ хўжалиги соҳасида Чортоқ тумани учун баракали ва омадли келди. Ҳар бир йўналишда белгиланган режа ортиғи билан бажарилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан юқори бўлди.
Соҳа ходимларининг астойдил меҳнатлари натижасида бу йил туманимиз бўйича 182 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 11 минг тоннага яқин дон, 4 минг тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 190,4 тоннадан зиёд пилла, 7480 тоннадан ортиқ гўшт ва 51605 тонна ортиқ сут, қарийиб 43 млн 175 минг дона тухум маҳсулотлари етиштирилди.
Жумладан, “Мучум Кесканёр тех сервис” ММТП ҳудудидаги “Бувабой Робахон файзи”, Р.Ортиқов номли ММТП ҳудудидаги “Маҳмуджон Мақсаджон Моҳида”, “Ойқирон миришкорлари” ММТП ҳудудидаги “Оқтепа нур гавҳари”, “Чортоқ фарғона файз” ММТП ҳудудидаги “Чортоқ фарғона миришкори” фермер хўжаликларида ғалланинг ҳар гектаридан 50-60 центнердан ҳосил олинди.
Пахтачиликни оладиган бўлсак, “Мучум Кесканёр тех сервис” ММТП ҳудудидаги “Жамшид Иброҳим Шохжаҳон”, Р.Ортиқов номли ММТП ҳудудидаги “Короскон уч қаҳрамони”, “Ойқирон миришкорлари” ММТП ҳудудидаги “Шохсанам Элдорбек Гулсанам”, Чортоқ фарғона файз ММТП ҳудудидаги “Турғунбой Жўрабой Мунаввар” фермер хўжаликларида намунали иш ташкил этилди. Бундай илғор фермер хўжаликлари рўйхатини яна давом эттириш мумкин.
2020-2021 йилларда 2 минг 909 гектар ер қайта фойдаланишга киритилди. Дуккакли маҳсулотлар экспорти ўтган йилга нисбатан 103 фоизга, узум маҳсулотлари 142 фоизга, сабзавотлар 102 фоизга ҳамда ёнғоқ маҳсулотлари 1,1 баробарга ўсишига эришилди. Натижада қарийб 20 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга чиқарилди.
Сиз азизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, хонадонингизга тинчлик тотувлик, бахт ва омад, сиҳат саломатлик, кириб келаётган 2022 йилда ҳам юзингиз ёруғ бўлишини, ҳосилимиз мўл бўлишини тилаб қоламан.
Анваржон Отаходжаев,Чортоқ тумани ҳокими





