Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, ижтимоий қўллаб- қувватлаш мақсадида туманда жорий йилнинг ўтган даврида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги 253 нафар хотин-қизга 4 млрд. 555 млн. 419 минг сўм имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилиши натижасида ушбу аёлларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларига эришилди. Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган 343 нафар хотин-қизлар имтиёзли кредит билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатилди ва уларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Келгусида тадбиркорлик истагидаги 5 нафар фаол аёл томонидан Навоий,Комиллик, Боғ, Соҳибкор, Оқ терак маҳалласида тикув цехи ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда ва бунинг натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган, ҳозирда ишсиз бўлган 100 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланишига эришилади.
Туманда 2021 йилнинг 11 ойи давомида “Аёллар дафтари”га киритилган 5065 нафар хотин-қиздан жами 1160 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Шундан касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган 332 нафар хотин-қизлар тумандаги касб-ҳунар ўқув марказлари ва мономарказларда ўқишга жалб қилинди, 153 нафар хотин-қизга томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида субсидиялар ажратилиб, уларнинг оилавий аҳволи яхшиланди.
Тумандаги 38 нафар нотинч ва ноқобил оила билан алоҳида суҳбатлар ўтказилмоқда. Уларга маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилди. Нотинчликдан чиқариш бўйича тизимли иш ташкил этилмоқда ва 29 та оилани нотинчликдан чиқаришга эришилди.
Туманда оғир ижтимоий вазиятга тушган, ногиронлиги бўлган, касалманд, якка-ёлғиз аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг шароитларини яхшилаш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва иш билан таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида 160 нафарини босқичма босқич уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилди. 1620 нафари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул даволанишига ёрдам кўрсатилди. 1045 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 15 нафарига ногиронлик аравачаси берилди. Оғир шароитда яшаётган оила болаларидан 8 нафарининг ҳатна тўйи ўтказилди.
28 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда 19 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлга амалий ёрдам кўрсатилди. 548 нафар аёлга ҳуқуқий, 487 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди. Мазкур тадбирларга “Аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 700 млн сўмдан ошиқ маблағ мақсадли сарфланди. Саховат ва кўмак жамғармадан: 39 нафарига 2 150 692 млн сўмлик парранда берилди. 60 000 000 сўмлик 15 та чок машина, 11 микротўлқинли печь берилди.
2021 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра “Аёллар дафтари”га киритилган 5065 нафар аёлдан 5 нафари вафот этган, 24 нафари кўрсатилган ёрдамдан қониқиш ҳосил қилмаган, розилик хати бермаган.
Ҳозирги кунда 1-2 - босқич якуни бўйича “Аёллар дафтари"га кирган 5041 нафар аёл дафтардан чиқарилди.
Амалга оширилган ишлар сарҳисобида маҳалла ҳамда секторлар томонидан ҳар бир ёрдам кўрсатилган аёлларнинг “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши бўйича розилик хатлари олинди ва бу бўйича маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан далолатномалар тузилди.
Муҳаббат Убайдуллаева, Чортоқ туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси





