Шу кунларда Чортоқ тумани марказидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Қурувчилар, йўлсозлар тиним билмай меҳнат қилишмоқда. Машина ва механизмлар уларга камарбаста.

Бу ерда “Саломатлик йўлакчаси“ барпо этилмоқда. “Барокот ҳиммат файз” хусусий корхонаси жамоаси ҳозиргача анча иш бажариб қўйди. Йўлакчанинг умумий узунлиги 1800 метрни ташкил этади. Велойўлакча эса 2950 метрга боради. Бунёдкорлар жами 3 миллиард сўмликка яқин иш бажаришни ўз зиммаларига олишган.
Лойиҳа ҳужжатларига назар ташласангиз, кўчанинг икки томонида пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида-алоҳида йўлаклар бўлади. Уларнинг юзасига чиройли йўлтошчалар қопланади. Одамлар ҳордиқ чиқаришлари учун шинам ва қулай ўриндиқлар ўрнатилади. Замонавий тунги ёритиш чироқлари эса атрофни кечаси ҳам кундай равшан қилиб туради.
Бу бунёдкорлик давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатда ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилиши кўзда тутилганди. Улар ўзаро узвий боғлиқ бўлиши, замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланади. Пиёдалар ва велосипедчиларга алоҳида ҳаракатланиш имкониятлари яратилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит» ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.





