Ўзини водийдаман деб ёзган блогерми, журналистми ёки шунчаки дайдиб юрган кимсами – кимлигингни билмаймиз. У Чортоқ тумани ҳокимига пичинглар ва учирма гаплар билан обрўсизлантириш мақсадида пора олувчи ва ерларни сотувчи, қонунни бузувчи амалдор деган тамғаларни ёпиштирмоқчи бўлган! Аллақандай кимсаларнинг тўй-маъракаларда алжираган, таги йўқ гапларини ижтимоий тармоққа чиқарган.

Мард бўлсанг, айтгинчи, қўлингда ишончли далил борми? Бўлса, дангал эркакча гапирмайсанми ёки ҳокимга кириб дардингни айтмайсанми?! Ёки мақсадинг қилинаётган яхши ишларни гапиришдан ўзингни олиб қочиб, фақат ҳокимга лой чаплашми?! Ниятинг нима ўзи?
Сен бутун Чортоқ аҳолисини пора берувчига чиқарибсан! Бу қайси мантиққа тўғри келади?! Тусмоллар, гумонлар билан ижтимоий тармоққа чиқадиган замонлар ўтиб кетганини наҳотки тушунмайсан. Одам шунчалик замондан орқада қоладими?
Гектарига 4-5 мингдан санаб олишар экан, ақалли иккита аниқ мисол келтириш ҳаёлингга келмадими? Яна қизиқ томони шундаки, икки-уч киши тўпланган, тўй-ҳашамда ким қанчани ким орқали берганини гапирасану бу гапга ўзинг ишонмаганингни ёзасан. Бу қандай мантиқсизлик?!
Ер бериш масаласида кейинги ўзгаришлардан бехабарлигинг замондан анча орқада қолганингни кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли фармонига кўра, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинган. Жумладан,
- ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
- тумaн ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
- суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
- жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
- хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
Агар давлатимиз раҳбарининг шундай муҳим хужжати билан таниш бўлганингда қўлингга қалам олмаган бўлардинг! Аксинча, туманда қилинаётган катта кўламдаги ободонлаштириш, қурилиш, халқ фаровонлигини ошириш соҳасидаги ишларни самимият билан ёритган бўлардинг!!!
Чортоқ туман маркази Афғонистонни эслатади, дебсан. Худо асрасин! Афғонистонни бизга ўхшатма! Сен кўрган ҳолатлар вақтинчалик манзаралар холос, яқинда катта ишлар бошланганда уялиб қолмагин!
Тижоратчилар ва бошқа кунлик тирикчилик қилаётган одамлар ўзбошимчалик билан кўчаларда савдо-сотиқ қилмаяпти. Улар бозор қайта реконструкция қилинаётгани учун вақтинчалик кўчирилган.
Сен кўрган манзаралар ҳеч қачон шу ҳолатда қолмайди. Жаҳон банки иштирокидаги “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси бўйича (2021 18 май ҳолатига) Чортоқ шаҳрига 39,97 млн. АҚШ доллар миқдорида кредит маблағи ажратилган. Шу жумладан,
- Ичимлик ва оқава сув тизимларини реконструкция қилиш лойиҳасига 12,5 млн. доллар;
- Собиқ 17-сонли болалар боғчаси ва ҳокимлик биноларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳасига - 476 минг. доллар;
- Пиёдалар ва велосипедчилар “Эко-йўлакча”сини қуриш лойиҳасига 14 млн. доллар;
- Чортоқ шаҳрини ободонлаштириш, тунги ёритиш тизимларини модернизация қилиш лойиҳасига 10,4 млн. доллар;
- Чортоқ тумани ҳокимлигига шаҳар эко ҳолатини сақлаш учун 15 дона махсус техникалар сотиб олиб бериш лойиҳасига 1,5 млн. доллар;
- Ҳокимликка сотиб олиб берилган машина-механизмларни сақлаш учун автогараж комплексини қуриб бериш лойиҳасига 520 минг. доллар.
“Эски бозор” ҳудудини реконструкция қилиш орқали “Сайёҳлар савдо мажмуаси”га айлантирилмоқда. Бозордаги мавжуд бинони реконструкция қилиш ва қўшимча ёндош бинолар қурилиши учун Жаҳон банки томонидан 800 минг доллардан ортиқ маблағ ажратилган. “Ultra Group” МЧЖ лойиҳаси асосида “Архитект қурилиш” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Ҳокимлик учун бино, болалар ижодиёт маркази, автогараж қурилиши якунланиш арафасида. Бир сўз билан айтганда, барча компонентларда белгиланган ишлар тез орада бажарилади ва Чортоқ вилоятдаги энг обод ва кўркам шаҳарлардан бирига айланади.





