Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқда қурилиш майдончаларини, кўкка бўй чўзаётган муҳташам биноларни кўриш мумкин. Улар аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини гўзаллаштирибгина қолмай, инсонларнинг турмуш маданиятини оширишга ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6186-сонли фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Чортоқ тумани марказидаги “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида 2021-2022 йилларда 37 та кўп қаватли турар-жой биноси қуриш режалаштирилган.
Ушбу массивда барпо этилиши кўзда тутилган бинолар бош режасини туман қурилиш бўлими ҳамда “Қишлоққурилишлойиҳа” давлат унитар корхонаси Наманган вилоят филиали мутахассислари ҳамкорликда ишлаб чиқишди. Бу ерда ҳозир “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 та, хусусий пудратчи ташкилотлар томонидан 5 та кўп қаватли турар-жой бинолари бунёд этилмоқда.
Бундан ташқари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, уй-жойга муҳтож оилалар учун 60 хонадонни ўз ичига олган 5 қаватли уй-жой қурилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Чортоқ тумани Дўстлик маҳалласидан ўтувчи 4Р-119-автомобиль йўлининг қирғоқ минтақасида “Саломатлик йўлаги” қурилмоқда. Умумий қиймати 2 966 621 453 сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасидаги бунёдкорлик ишлари тендер ғолиби “Барокат ҳиммат файз” хусусий корхонаси томонидан бажарилмоқда. Йўлакнинг умумий узунлиги 1800 метр, велосипед йўлининг узунлиги 2950 метрни ташкил этади.
Эътиборли жиҳати, 2022 йилда “Дўстлик” МФЙ ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши ҳам бошланади. Мазкур йирик лойиҳа доирасида болалар спорт майдончалари ташкил этилади. 0.50 гектар майдонда “Яшил макон” барпо этилиб, 2500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Оқилжон Соттибоев, Чортоқ туман қурилиш бўлими бошлиғи





