Чортоқ туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича дарахт кўчатлари экиш “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида ҳашар ўтказилди. Тадбирда вилоят Нуронийлар Кенгаши раиси И. Нажмиддинов, туман ҳокими А.Отаходжаев, секторлар раҳбарлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят ва туман бўлими, вилоят давлат ўрмон хўжалиги, кекса-нуронийлар, диний ташкилотлар вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.

Чортоқ тумани азалдан уста боғбонлар юрти ҳисобланади, чортоқликлар яратган боғлари билан машҳур.

Боғлар ҳосил бериб дастурхонларни безаса, дарахтларнинг сояси кишиларга роҳат бахш этади. Наботот олами ҳавони янада тозалаб, аҳоли саломатлигига ҳам фойда беради.

Кўчат экиш учун Комиллик, Бағрикенглик, Боғ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Чортоқ-Наманган автомобиль йўлининг канал ўзанига ёндош қирғоқ минтақаси танлаб олинди.

🌲Лойиҳа доирасида катта масофадаги бу жойга1000 тупдан ортиқ манзарали каталпа, оддий дарахтга нисбатан 4 баробар кўп кислород ишлаб чиқарувчи павлония ва бошқа дарахт кўчатлари экилди.

Жонлиқ сўйилиб, дуои фотиҳа қилинди. Эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тортилди.

Дарахт кўчатлари экиш ишлари Чортоқ туманининг барча ҳудудида, ҳар бир маҳалласида давом этмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати