Мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида белгиланиб, шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу сана катта тантана, байрам тарзида нишонланмоқда. Чортоқ туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида мазкур сана олдидан байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали тадбирда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лутфиддин Ғаниев бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида фаолият кўрсатиб келаётган соҳа ходимларини самимий қутлаб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Чортоқда ўзига хос тажриба мактаби яратилганини эътироф этди.
Ҳозирги кунда Чортоқ туманида касаба уюшмалари тизимида 103 та бошланғич ташкилотларда 6033 нафар фаоллар меҳнат қилмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Байрам тадбирида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Чортоқ туман бўлинмаси кенгаши ҳисобчиси Ўткирбек Нишановга “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ касаба уюшмалари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Чортоқ туман бўлинмаси кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари ижросидаги концерт дастури барчага қувонч улашди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати





