Сизларга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарорига мувофиқ, аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш 2021 йил 1-25-ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилади.

Аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш икки хил усулда, яъни 1-5-ноябрь кунлари Интернет тармоғи орқали ва 11-22-ноябрь кунлари қоғоз шаклида рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уйма-уй юрган ҳолда амалга оширилади.
Интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш учун махсус ахборот тизими ишлаб чиқилган. Мазкур ахборот тизимида синов ўтказилиши белгиланган ҳудудлар аҳолиси учунгина эмас, балки, республикамизнинг барча ҳудудларида яшовчи ва бошқа давлатларда вақтинча бўлиб турган фуқаролар учун ҳам тизимга кириб, рўйхатдан ўтиш имконияти яратилган.
Синов тариқасида Интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш натижасида ушбу ахборот тизимининг ишлаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади ҳамда 2023- йилда республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш даврига қадар фойдаланувчилар учун янада қулай ҳолга келтирилади.
Ҳурматли фуқаролар!
Шу муносабат билан, Сизлардан 1-5 ноябрь кунлари ушбу ахборот тизимига (census.stat.uz) кирган ҳолда рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этишингизни сўраймиз!
Унутманг, Сизнинг иштирокингиз мамлакатимизнинг келгусидаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётини белгилашда муҳим аҳамият касб этади!





