21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни”. Ушбу сана муносабати билан Чортоқ туманида кўплаб тадбирлар давом этмоқда. 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган бугунги байрам тадбири “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида ўтказилиб, унда туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, туманимиздан етишиб чиққан ижодкор-зиёлилар, ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб, барчани байрам билан самимий табрикладилар.
Санага бағишлаб мактаб ўқувчилари ўртасида “Ўзбек тилим – ифтихорим!” мавзусида ўтказилган иншолар танлови ғолиблари ва бир гуруҳ илғор устозлар тақдирланди. Байрам тадбири она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш ижрочиларининг концерт дастури билан давом этди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати





