Чортоқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4767-сонли қарори ижроси доирасида “Namangan Golden nuts agro tomorqa xizmati” МЧЖ негизида томорқа кластери ташкил этилди.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллиард сўм бўлиб, шундан 3 миллирад сўми Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида мева-сабзавотларни қуритиш, ихчам иссиқхоналар тайёрлаш, ем ишлаб чиқариш, саралаш ва қадоқлаш цехлари, юк сақлаш ва музлатгичли омборхоналар, кўчатчилик иссиқхоналари, техника парки, уруғ, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар дўкони, инкубатор, сунъий қочириш ҳамда сутни қабул қилиш пунктлари ташкил этилиши натижасида 30 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади.
Лойиҳа тақдимотига бағишланган маросим туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари, “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбарлари, томорқа кластери ташкил этиш истагидаги ташаббускорлар, Чортоқ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ хўжалиги ҳамда сув хўжалиги бўлими раҳбарлари иштирокида ўтказилиб, ўқув-амалий семинар тарзида давом эттирилди.
Бир пиёла чой устида дуои фотиҳа қилиниб, янги иш бошлаган томорқа кластери фаолиятига муваффақият тиланди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати





