Чортоқ туман ҳокимлиги томонидан “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишлаб байрам тадбири ташкил этилди. Тантанада Чортоқ туманидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган фаол ўқитувчи, мураббий, тарбиячи ва педагог ходимлар қатнашдилар.

Тантана аввалида Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.
Тақдирлаш маросими фидойи, меҳнатсевар, ўз касбининг устаси бўлган соҳа илғорларига туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топшириш билан бошланди ва кўплаб устозларга қувонч онларини ҳадя этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзлари шундай шарафли касб эгаси эканликларидан мамнунликларини билдириб, таълим-тарбия тизимида эришилган ютуқлар, соҳа ходимларига яратилаётган шароитларни эътироф этдилар.
Чортоқ туман маданият бўлими ҳамда 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари ижросидаги Ватан, она юрт, тинчлик, меҳр-муҳаббат ва устоз-мураббийларни тараннум этувчи куй-қўшиқ ва рақслар, эстрада хонандаси Бахриддин Зуҳриддинов, таниқли сўз усталари – Ориф Султонов, Искандар Ҳамрақуловнинг чиқишлари барчага манзур бўлди.





