2021 йил 28 сентябрь куни Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отаходжаев, ҳоким ўринбосарлари навбатдаги ҳафта қабулини ўтказдилар. Қабулда туман ташкилотлари раҳбарлари, диний идора вакиллари, отинойилар ҳамда кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг иштирок этишгани мурожаатлар ечимида муҳим аҳамият касб этди.

Доимгидек мурожаатларда кўтарилаётган масалалар турлича. Масалан, Бешкапа маҳалласидан келган Дилбарой Умматалиева ёлғиз аёл бўлиб, ўз номида уй-жойи йўқ. Икки нафар фарзанднинг онаси. Қизини турмушга узатгач, келинли ҳам бўлди. Энди алоҳида уй-жойга эҳтиёж туғилди. Унга албатта ёрдам кўрсатилиши айтилиб, имтиёзли кўп-қаватли уйлардан олиши мумкинлиги тушунтирилди.
Ойқирон маҳалласида яшовчи Муқаддас Маъмурова шу кунларда ўғлига хатна тўйи қилмоқчи. Ногиронлиги бор мурожаатчи шу масалада ёрдам сўради. Бу оиланинг тўй қилиши учун керакли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериладиган бўлди.
Қорабоғ маҳалласилик Манзура Саттарова уч нафар фарзанднинг онаси. Унинг мурожаатидан келиб чиқиб, болалар нафақаси тайинлаш бўйича тушунтириш берилди.
Хайрли маҳалласидан Махфуза Насриддинова, Азизахон Жўраева, Гулдиров маҳалласидан Муҳаррам Норматова, Ҳафиза Тожибоева олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фарзандларига шартнома пулини тўланишида ёрдам сўрашди.Уларнинг мурожаатлари ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, қаноатлантириладиган бўлди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, қабулга келган ҳар бир фуқаро бирма-бир тингланди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларга адолатли ва қонуний ечим топиш бўйича вазифалар белгиланиб, мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қайд этилган ҳар бир мурожаатнинг ижроси назоратга олинди.
Ҳокимлик ахборот хизмати





