Бутунжаҳон тозалик куни инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этади. Ғоя даставвал 2008 йил Эстонияда вужудга келиб, 50 000 нафар кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан ҳоли этиш учун бирлашдилар. Бугунги кунга келиб мазкур кун кўнгиллиларнинг бир кун давомида 180 дан ортиқ мамлакатни бир мақсад сари бирлаштирувчи йирик ижтимоий ҳаракатига айланди. Ўзбекистонда илк марта 2019 йил бутун республика бўйлаб ўтказилди.Жорий йилда ҳам бу кун ўзгача кайфиятда ўтказилмоқда. Хусусан, Чортоқ туманида ҳам.

Тозалик куни муносабати юрт ободлигига бефарқ бўлмаган кўнгилли тумандошларимиз, ёшлар хиёбонлар, кўчалар, уйларини тозалашмоқда. Манзиллардан мавжуд чиқиндилар махсус полигонларга олиб чиқилмоқда.

-Чортоқда тозаликни таъминлашни ўз зиммамизга олганмиз,-деди туман “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси директори Аёзбек Ҳайдаров . – Бунинг учун 38 нафар ишчи-ходим 11 та техник воситалар орқали аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, аҳоли орасида тозаликни таъминлаш борасидаги тарғибот ишларида фаол қатнашмоқдамиз. Жумладан, 18 сентябрь – Бутунжаҳон тозалик кунига пухта ҳозирлик кўрдик. Ҳар бир техник воситаларга мавзуга доир чақириқлар, шиорлар, эслатмалар ёзиб, юртдошларимизни атроф-муҳитни озода сақлашга чорладик. Туманнинг ҳар бир ҳудудида тозалик тадбирлари ташкиллаштирмоқдамиз.

Аслини олганда, тозаликни таъминлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шундай экан, бу каби ишлар нафақат, йилнинг айнан бир кунида, балки ҳар куни бажарилиши лозим. Шундагина биз яшаётган сайёрада тозалик, озодалик, покизалик ҳукм суради.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати