“Наманганская правда” газетасининг 2021 йил 10 сентябрдаги 38-сонида Чортоқ тумани марказида жаҳон банки лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ўта суст олиб борилаётгани, ушбу масала ички имкониятлардан келиб чиқиб, ҳал этилмаётгани юзасидан эълон қилинган материалга жавобан қуйидагилар маълум қилинади:

Жаҳон банкининг ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш лойиҳаси доирасидаги ишларни Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳри, Бухоро вилоятининг Когон шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳарларида амалга ошириш белгиланган. Мазкур лойиҳа Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларидан бошлаб Ўзбекистоннинг ўрта шаҳарларида шаҳар инфратузилмаси, жамоат жойлари ва коммунал хизматларни ривожлантиришга кўмаклашади.
Чортоқ шаҳрида ҳам маҳаллий, ҳам хорижий сайёҳларга мўлжалланган соғломлаштириш туризмини ривожлантириш бўйича республикада биринчи эко шаҳарни яратиш режалаштирилмоқда.Чортоқ шаҳридаги лойиҳа объектлари – маъмурий бинода қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган бўлса, собиқ 17-сон болалар боғчаси биносининг энергия самарадорлигини ошириш орқали боғча биносини ёшлар ижодиёти маркази ва музейга мослаштирилмоқда.
Шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш ва санаторий ҳудудини шаҳар билан, шунингдек, айрим маҳаллалар билан боғлаш мақсадида Чортоқсой дарёси бўйлаб 11 км.дан иборат пиёдалар ва велосипедчилар эко-йўлакчасини қуриш кўзда тутилган. Шу билан бирга, эко-йўл ҳудудида оилавий дам олиш ва кўнгил очиш жойларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, у ерда пиёда юриш, спорт билан шуғулланиш, кичик тематик оммавий тадбирларни ўтказиш мумкин бўлади ҳамда хавфсизликни таъминлаш учун ҳудудда кузатув камералари ўрнатилади. Бу эко-йўлакча нафақат одамларни бирлаштириши, балки чортоқликларнинг ва кўп сонли меҳмонларнинг ҳам севимли зиёратгоҳига, ҳордиқ чиқарадиган масканларидан бирига айланади.
Шу билан бирга, ушбу лойиҳа тажриба-синов лойиҳаси ташаббуси сифатида амалга оширилаётгани ва илгари бундай лойиҳалар Ўзбекистонда татбиқ қилинмаган. Лойиҳанинг асосий мақсади шаҳарсозлик ечимлари орқали шаҳарнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдир. Чортоқда асосий эътибор соғломлаштириш туризмини ривожлантириш учун имкониятлар яратишга қаратилган. Чортоқ тумани ўзининг "Chortoq" минерал суви ва соғломлаштириш оромгоҳи билан кенг танилган. Бугунги кунда ташриф буюрувчилар сони йилига 20-25 мингга яқин. Сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун инфратузилмани янада ошириш зарур бўлиб, ушбу мақсадлар учун лойиҳа доирасида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Тўғри, КОВИД-19 пандемияси даврида ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сезиларли даражада пасайди, аммо пандемиядан кейин жиддий натижаларга эришилмоқда ва бу ишлар тез орада ўз самарасини бериши, шубхасиз.





