2021 йил 6 сентябрь куни Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг навбатдаги ўттиз биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда комиссия таркибига тавсия этилаётган номзодлар иштирок этдилар.

Сессия ишида депутатлар томонидан 2021 йил 24 октябрда Чортоқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Туманда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округини қарори билан 63 та сайлов участкаси жойлашган бинолар, сайлов участкалари бириктирилган маҳалла фуқаролари йиғинлари кўчалари ва сайловчилар сони ҳақидаги қарори қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинган. Сайлов кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг таклифларини инобатга олган ҳолда участка сайлов комиссияси таркибига номзодлар Кенгаш муҳокамасига киритилди. Сессия давомида депутатлар томонидан участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округига тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Секторлар раҳбарларининг “Темир дафтар”,“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” асосида амалга ошираётган ишлари ҳисоботи сессия кун тартибидаги иккинчи масала сифатида ўрин олди.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Отабек Жабборов навбатдаги масала – 2021 йил 1-чорак давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги фармонини туманда ижросини таъминлаш ҳақидаги ҳамда халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг сессиялари оралиғида қабул қилган айрим қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Сессия ишида Олий Мажлис Сенати аъзоси Махмуджон Парпиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи аъзоси Акмал Аманов иштирок этдилар.





