Маълумки, қабристонларни тоза сақлаш марҳумлар ёдига ҳурмат ифодаси деб қаралади. Негаки, марҳумлар руҳини шод этиш қабристонлардаги саранжом-саришталикка ҳам боғлиқ. Қабристонлар гул-майсаларга, яшилликка бурканса, ҳар бир қабр усти тозаланиб, саришта қилинса, марҳумлар руҳи шод бўлади. Бугун Чортоқ туманидаги кўплаб қабристонларда, жумладан, 1-сектор ҳудудидаги “Шўрбулоқ”, 2-сектор ҳудудидаги “Султон Увайс Қароний”, 3-сектор ҳудудидаги “Мангулик” ҳамда 4-сектор ҳудудидаги “Толмозор” қабристонларида ҳам маҳаллий аҳоли ва диний соҳа вакиллари томонидан ҳашар уюштирилиб, атроф ободонлаштирилди. Зеро, қабристонларни обод қилиш тирикларнинг бурчи ҳисобланар экан, бу йўлда қанча меҳнат қилиб, куч сарфланса шунча камдир.





