Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида олис ва чекка ҳудудларда Оилавий шифокор пунктлари ташкил этилмоқда. Ана шундай муассасалардан бири Чортоқ туманида фойдаланишга топширилди.

Чортоқ туманининг чегараолди ҳудудида жойлашган собиқ “Соз сой” қишлоқ врачлик пункти Президентимиз Фармонига мувофиқ қайта таъмирланиб, шинам ва кўркам оилавий шифокор пунктига айлантирилди. Туман маҳаллий бюджетидан 1 миллиард 82 миллион сўм маблағ сарфланиб, бу ердаги бинолар янги лойиҳа асосида, давр руҳига ҳамоҳанг равишда ташқи ва ички томондан сайқалланди. Муҳандислик тармоқлари янгиланди, қўшимча иморатлар ҳам қурилди. Замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Биргина бу ердаги лабараторияда 11 турдаги тиббий таҳлилларни ўтказиш имконияти мавжуд. Бу эса ҳудуддаги 3500 нафардан зиёд аҳолига муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган муассаса тақдимотида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, туман ҳокими Анваржон Отаходжаев иштирок этди.





